Нуробод тумани ҳокими Ш.Юлдашевнинг маҳалла тизими ходимларига байрам табриги

Ҳурматли маҳалла тизими ходимлари ва фаоллари!

Сизларни 22 март – “Маҳалла тизими ходимлари куни” билан самимий муборакбод этамиз.

Бугунги кунда юртимиздаги ислоҳотлар жараёнида миллий қадриятларимизни муносиб давом эттириш баробарида уларга янгича маъно-мазмун бахш этилаётгани халқимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган катта ҳиссасини жаҳон бўйлаб намоён этиш, ёш авлодни бой тарихимизга эҳтиром, келажакка ишонч руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда.

Халқимизда: “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гап бежиз айтилмаган. Фарзандларимизнинг маънавий баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши, ёш оилаларнинг мустаҳкам оёққа туриб олишида ушбу тузилманинг ролини янада ошириш,  “Ҳар бир нуроний – ўн нафар ёшга мураббий” тамойили асосида бошланган эзгу ишларимизни изчил давом эттириш бугунги кун талабидир.

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2022 йил - "Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" деб номланганлиги ҳам, ушбу соҳани қанчалик керакли ва эътибор қаратилиши зарур бўлган тузилма эканлигидан далолат беради.

Ҳозир барча давлат ташкилотлари ўз ишини “инсон қадри учун” шиори остида “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизим асосида йўлга қўйиши қатъий талабга айланди. Маҳалла самарали жамоатчилик назоратини олиб борувчи тузилма бўлди.

Маҳалланинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ошириш мақсадида маҳаллада яратилган янги тизим маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторларининг фаолияти йўлга қўйилганлиги, “одамларнинг рози” қилиш тизими яратилганлигидан далолатдир.

Биз туманимиздаги 39 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.

Қадрли маҳалла тизими ходимлари!

Маҳаллангиз тинч, ҳар бир оила, ҳар бир хонадонда яхши кунлар, тўй-томошалар кўп бўлсин!

Касб байрамингиз барчангизга муборак бўлсин!

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM