Нурободда ҳарбийлар уруш фахрийси бўлган устозни байрам билан қутлади

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги яқинлашиб келаётган 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Нуробод туманидаги Эйруғил қишлоғида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмон ота Абиловнинг хонадонида бўлишди.

Отахоннинг саломатлиги кўздан кечирилиб, совға-саломлар улашилди.

Иккинчи жаҳон урушига Эйруғил қишлоғидан 43 йигит сафарбар бўлган. Шундан 14 нафари қайтиб келди. Ҳозирда улардан биргина Раҳмон ота ҳаёт. Раҳмон ота Абилов урушдан сўнг қишлоғида кичик бир мактабни ҳашар йўли билан барпо этишда бош-қош бўлиб, кўп йиллар давомида қишлоқдаги ёшларнинг саводини чиқариш билан шуғулланди.

– Ҳозирда 101 ёшдаман, бу давр мобайнида кўплаб шогирдларни тарбиялашга эришдим. Ҳашар йўли билан қурган мактабимизда ўзим 4 та синфга бир вақтнинг ўзида дарс берар эдим, у даврларда вазият шуни тақозо этар эди. Шогирдларим орасидан эса кўпчилиги ҳарбий бўлишди ва улар фақатгина Ғалаба кунида эмас, балки сизлар сингари доимо келиб ҳол-аҳвол сўраб туришади. Ва мен улардан панд насиҳатларимни ҳеч қачон аямайман, – дейди Раҳмон ота.

Округ қўмондонлиги, Самарқанд гарнизонидаги бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ҳамда мактаб ўқувчилари уруш қатнашчиси билан ҳамсуҳбат бўлиб, тинчликнинг бебаҳо неъмат эканлиги, уни асраб-авайлаш янада машаққатли юмушлигини қалбан ҳис этишди.

Ҳарбий оркестр жамоаси томонидан куйланган уруш йилларидаги ва бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизни тараннум этган куй-қўшиқлар, ўқувчи ёшларнинг гўзал рақслари Раҳмон отага байрам кайфиятини улашди.

Суҳбатдан сўнг хонадонда ҳашар ўтказилди, ерлар чопилиб, дарахтлар оқланди ва уруш фахрийсининг хонадонида саранжомлик ишлари олиб борилди. Отахон ҳарбийлардан миннатдор бўлиб, дуолар қилди.

Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этиб, ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз. Иккинчи жаҳон урши қатнашчилари ҳам ана шундек ҳурмат-эътиборга лойиқ. Чунки бугунги дориломон кунларнинг мустаҳкам пойдеворини яратган аждодларимиздир.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM