Ҳар доим кучлилар орасида бўлинг, қийналасиз, аммо ривожланасиз

30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган форум юртимиздаги барча ёшларнинг қалбларига кўтаринкилик, келажакка умид, эртанги кунига ишонч, ғайрат ва шижоат берди, десак муболаға бўлмайди. Форумда Янги Ўзбекистон ёшларидан нималар кутилаётгани, нималар талаб қилиниши, нималарга эътиборли ва нималардан эҳтиёт бўлиш кераклиги ва бугунги кунда ёшлар сиёсатининг асосий мақсад ва вазифалари тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди.Ёшлар ҳар қандай давлатнинг бебаҳо бойлигидир. Ёшлар ҳар қандай замонда ўзгаришларни ўзларида биринчи ҳис этадиган инсонлардир. Ёшлик инсон ҳаётининг энг мураккаб ва зиддиятли, шу билан бирга, энг шиддатли давридир. Ёшлик илм олиш, тажриба орттириш ва келажак учун режалар тузишга қаратилган гўзал даврки, ундан тўғри ва оқилона фойдаланиш келгусида орзуларнинг армонга айланишининг олдини олади.Бугун ёшларимизга яратилаётган имкониятларга, уларнинг азму шижоати, ватанга бўлган муҳаббати, билим ва интилишларига ҳавас қиласан киши. Мамлакатимизда мутлақо янгича шакл ва мазмундаги ижод ва ихтисослашган мактаблар тизими яратилди. Мактабгача таълим қамровининг оширилгани ва тарбия дарсликлари яратилгани, олийгоҳларнинг қабул квоталари ошиб бораётгани, “Ёшлар дафтари” ташкил қилиниб, муаммоларга тизимли ечим топилаётгани, мактаб битирувчиларининг меҳнат бозорида талабгир касбларга ўқитилаётгани, ёшларга тадбиркорлик ва деҳқончилик қилишлари учун бўш ер майдонлари ажратилаётганлиги сиёсатимизнинг ёшларимизга нисбатан алоҳида эътиборини кўрсатади.Бугун ёшларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий билим ва тажрибасини ошириш мақсадида парламентлар қошида “Ёшлар парламенти”нинг ташкил этилганлиги келгусида ёшларнинг етук кадр бўлиб шаклланиши хизмат қилиши шубҳасиз. Яқинда таниқли сиёсатчи, Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг Ёшлар парламенти аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда ёшларимизнинг билим ва иқтидорига юқори баҳо бериб, сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмаслиги, бу кўрсаткич юртимизда 6 фоиздан ошганини юқори баҳолаган эди. Форумда келгусида халқ депутатлари Кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидойи ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилиши, шу билан бирга, маҳаллий кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби, ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилиши маълум қилинди.Албатта, ушбу фаолиятнинг шаклланиши ёшларнинг жамият ҳаётига бевосита дахлдорлик ҳисини ошириб, сиёсий дунёқарашининг шаклланишида муҳим рол ўйнайди. Модомики, ҳар доим кучлилар орасида бўлинг, қийналасиз, аммо ривожланасиз, деган гап бежиз айтилмаган.

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM