Энг қиммат ёки энг бой шаҳарлар эълон қилинди

Европанинг икки ва Осиё қитъасининг бир шаҳри дунёнинг ўта қиммат, яъни энг юқори нарх-наво қайд этилган ҳудудлари сифатида рекорд ўрнатишди.

Бу мўъжизавий шаҳарлар қайсилари ва қаерда жойлашган экан, деган саволга мутахассислар жавоб беришди.

Буюк Британия экспертлари хулосасига кўра, ер юзининг яшаш энг қиммат бўлган шаҳарлари “пойга”сини Париж, Цюрих ва Гонконг бошқариб боряпти. Тадқиқот давомида кўрсаткичлар барча меъёрлар бўйича таҳлил қилинган: жаҳоннинг 133 йирик ҳудудида 140 банд асосида маҳсулот ва хизмат турлари нархи кўриб чиқилган. Номлари келтирилган Франция пойтахти ва Хитой таркибидаги Гонгконг ҳамда Швейцариянинг энг катта шаҳарларидан биридан ташқари рўйхатнинг юқори қисмидан аввалги ғолиб шаҳар-давлат Сингапур, шунингдек, Осака, Женева, Нью-Йорк, Копенгаген, Лос-Анджелес ва Тель-Авив ўрин олган. Гувоҳи бўлганингиздек, Япония, АҚШ, Дания ва Исроил мамлакатлари ҳам қиммат жойлар сифатида эътироф этилган.

Изланиш тўлақонли бўлиши учун олимлар энг арзон шаҳарларни ҳам аниқлашди. Бу борада Сурия пойтахти Дамашқ етакчилик қилмоқда. Шунга яқин кўрсаткичлар Олмаота, Каракас, Лусаку ва бизнинг пойтахтимиз Тошкентда кузатилган.

Маълум қилинишича, муайян шаҳар мазкур рўйхатда қандай ўринни эгаллаши бевосита мамлакат миллий валютасининг АҚШ долларига нисбатан қийматига боғлиқ экан. Зеро, тадқиқот натижалари тегишли нарх-наво, яъни маҳсулот ва хизматлар қиймати Америка пул бирлигига ўгирилган ҳолда чиқарилади. Бошқача айтганда, валютанинг қадрсизланиши ҳам ҳудудда айнан мазкур рейтинг бўйича ҳаёт кечириш қимматлашиши ёки арзонлашишига таъсир кўрсатади. Мутахассислар хулосасида долларга нисбатан энг юқори инфляция даражасини бошидан кечирган шаҳар сифатида Эрон пойтахти Теҳрон келтирилган.

ЎзА

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM