Тошкент давлат юридик университети магистратура таҳсилини АҚШда давом эттиради

Тошкент давлат юридик университети Пенсилвания давлат университети билан англашув меморандумини имзолади. Унга мувофиқ, ўқув дастурлари ҳамда илмий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, талабалар, илмий нашрлар ва материаллар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма дарслар ташкил этиш кўзда тутилган.

Пенсилвания давлат университети АҚШнинг нуфузли олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Мазкур таълим даргоҳи кўп йилдан буён дунё университетлари рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.

Бугунги кунда юртимизда юридик таълим ва фаннинг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида бу бўйича аниқ вазифалар белгиланди. Уларнинг ижроси учун Тошкент давлат юридик университети ҳам масъулдир.

Юридик таълим соҳасида дунёдаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва татбиқ этиш мақсадида Тошкент давлат университети халқаро ҳамкорлар сафини мунтазам кенгайтириб келмоқда.

Тошкент давлат юридик университети Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими томонидан маълум қилинишича, Пенсилвания давлат университети билан имзоланган меморандум доирасида таълим сифатига бевосита таъсир кўрсатадиган бир қатор муҳим масалалар юзасидан ўзаро манфаатли келишувларга эришилди. Жумладан, ТДЮУ битирувчилари махсус тавсиянома асосида магистратура таҳсилини АҚШда давом эттириш имкониятига эга бўлади.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM