Коронавирусдан вафот этган бемор фақатгина мутахассислар назоратида дафн этилади — ССВ

Интернет тармоғида шифохонада вафот этган беморларнинг жасадини яқинларига топшириш жараёнига оид тарқалган миш-мишлар юзасидан шуни маълум қиламизки, бемор вафот этган тақдирда ҳеч қачон бирор шифокор уни шундай чиқариб яқинларига бериб юбора олмайди. Бундай ҳолат юз берган тақдирда, ўша ходимга нисбатан чора қўрилади.

—Биринчидан, жасадни унинг яқинларига бериш жараёнига даволовчи шифокор аралашмайди. Иккинчидан, барча ишлар патологик анатомия муассасасида белгиланган тартибда бажарилади. Қолаверса, муассаса ходими жасадни ўрашдан олдин, албатта унинг юзини яқинларига кўрсатиб , аниқлик киритади. Барча жараёнлар ҳужжатда тўла акс этади, — дейди Республика патологик анатомия маркази директори, профессор Ражаббой Исроилов.

Ҳозирги кунда коронавирусдан вафот этган беморларни дафн этиш жараёнлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Республика санитария эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари иштирокида амалга оширилади.

Ҳурматли юртдошлар, айни вақтда барчамиз коронавирус хавфини яхши сезиб турибмиз. Уни бартараф этиш учун мамлакатимиз раҳбарияти ва соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари ҳамда ходимлари томонидан барча чоралар кўрилмоқда Шундай шароитда турли хил миш-миш ва асоссиз хабарларга ишониб қолмаслигингизни сўраб қоламиз.

Инсонлар ҳаёти ва қадр қимматига дахл қилувчи ҳолатлар аниқланса, унга сабабчи бўлганлар қонун олдида жавоб беради. Асоссиз хабарлар тарқатиб, одамлар орасида ваҳима уйғотишга уринганлар ҳам ўз жазосини олади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM