Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмоновнинг мактабларни муваффақиятли битирган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳамда ўқитувчиларига табриги

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмоновнинг мактабларни муваффақиятли битирган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳамда ўқитувчиларига табриги

 

Юртимизда таълим сифати ва самарадорлигини ошириш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида эришилаётган ижобий натижаларнинг ҳам салмоғи ортиб бораётгани қувонарлидир.

Шу кунларда халқ таълими соҳасида меҳнат қилаётган ҳар биримизнинг кўнглимиздан фахр ва ифтихор туйғулари кечмоқда. Сабаби, биз таълим-тарбия берган ўқувчиларнинг олган билимлари туфайли эришаётган ютуқлари барчамизга хурсандчилик бағишлайди.

2019-2020 ўқув йилида вилоятимиз мактабларини 53583 нафар ўқувчи битирди. Битирувчиларимизнинг 339 нафари олтин, 76 нафари кумуш медалларга сазовор бўлишди. Ўтган йилги натижалар билан қиёслаганда бу кўрсаткичларимиз бир неча баробарга ортганини кузатишимиз мумкин.

Жорий йил 27 нафар битирувчимиз хорижий тиллар ва аниқ фанларни пухта ўзлаштириб, маданият, санъат ва спорт йўналишларида ўзларининг қобилиятларини намоён этиб, мамлакатимиз ва хорижий кўрик-танловларда фахрли ўринларни эгаллагани натижасида республикамиз ва хорижнинг нуфузли олий таълим муассасаларининг аллақачон талабаси бўлиб улгургани барчамизга ғурур бағишлайди.

Алоҳида эътироф этиш жоизки, халқ таълими соҳасида эришилаётган бундай юксак натижалар ўз-ўзидан бўлмайди. Аввало, болага оилада тўғри тарбия берилгани, мактабда фидойи ва жонкуяр ўқитувчининг педагогик маҳорати, чеккан захмати, тизимдаги раҳбарларнинг таълим сифати ва самарадорлигига алоҳида эътибор қаратгани натижасидир.

Бу ўқув йилида 53,5 минг нафардан ортиқ битирувчимиз битираётгани бизнинг олдимизда яна бир улкан синов турганини англатади. Негаки, мана шу битирувчиларимизнинг барчаси ОТМга ҳужжат топшириб, талабалар сафидан жой олиши ушбу соҳадаги меҳнатимизнинг самарасини белгилаб беради. Ана шундан келиб чиққан ҳолда, барча битирувчиларимизга оқ йўл тилаб, албатта талабалик бахтига муяссар бўлишини тилаймиз.

Олтин ва кумуш медалларини кўксига тақиб, олдига энг олий мақсадларни қўйган, айни пайтданоқ олий таълим муассасасининг талабаси бўлиш арафасида турган қадрли ўқувчиларимизни, уларнинг ота-оналарини, жонкуяр ва фидойи устозларини мана шундай муваффақият билан табриклайман.

ОТМга ўқишга ҳужжат топшириб, талаба бўлиш ниятида турган барча битирувчиларимизга оқ йўл тилаб, қалбидаги эзгу мақсадига етишини тилайман. Барчангизнинг она Ватанимиз равнақи, соҳалар ривожига муносиб ҳисса қўшадиган, доим юртимиз байроғини баланд кўтарадиган ўғил-қизлар бўлишингизга тилакдошман!

 

 

Саидаҳмад Усмонов,

Самарқанд вилояти халқ

таълими бошқармаси бошлиғи

 

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM