Жануби-шарқий Осиё давлатлари ислоҳотлари тажрибаси

Биз ЎзАда эълон қилинган олдинги мақолаларимизда Япония, Хитой, Ҳиндистон, Европа давлатларининг ўзига хос ислоҳотлар тарихи ҳақида ёзган эдик. Навбатдаги чиқишимизда 1990 йиллар ўрталарида иқтисодий мўъжизалар яратган Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари (Индонезия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Тайван, Жанубий Корея – жами 11 давлат)нинг ноанъанавий модели хусусида сўз юритамиз. 

 

Уларнинг ажралиб турадиган асосий жиҳати шундаки, бозор механизми рули “қаттиқ сиёсий қўллар”да, яъни давлатнинг қўлида маҳкам ушлаб турилибди. Шу жиҳатдан олганда, Ўзбекистонда сўнгги йилларда юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган жадал иқтисодий ислоҳотлар негизида ҳам давлатнинг бош ислоҳотчилик сиёсати ётибди. 

 

Таҳлилимизни Малайзия давлатидан бошлаймиз. 1981-2003 йилларда Малайзиянинг бош вазири лавозимида ишлаган Махатхир Муҳаммад қолоқ аграр иқтисодиётли мамлакатни “Осиё йўлбарслари” даражасига етказган кучли арбоб эди. У ғарбий қадриятларга зид ўлароқ, “осиёча қадриятлар”нинг ташвиқотчиси, халқаро қўшилмаслик ҳаракатини раҳбари бўлди. “Кишиларнинг фаровонлиги ҳукуматнинг ташаббускорлигига боғлиқдир,–дейди у. –Давлат тарафидан кичик бизнесга яратилган енгилликлар туфайли, Малайзияда маҳаллий ва хорижий инвесторлар ўзларини қайта ишлаш саноатини барпо этишди”. 

 

М. Муҳаммаднинг фикрича, давлат раҳбари модернизациялашда етакчи ролни ўйнайди, унинг мамлакат тараққиётини белгилашдаги қобилияти ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Лидер бу ишга жон-жаҳди билан берилиши, миллий тараққиёт йўлини ҳаётга татбиқ этишга шахсан раҳбарлик қилиши, бошқарувда, сиёсатда, молия ва савдо соҳаларида юқори малакага эга бўлиши керак. Собиқ бош вазир Хитой тажрибасини яхши таҳлил қилади. “Мао ажойиб ҳарбий қўмондон эди, бироқ мамлакатни бошқариш уруш олиб боришдан фарқ қилади. У олға сурган коммунистик мафкура тараққиётга йўналтирилган эмас эди. Натижа шу бўлдики, Хитой ривожланишда ортда қола бошлади. Маонинг вориси Дэн Сяопин бутунлай бошқа одам эди. У Хитойни ривожлантиришга интилар, “ҳамонки мушук сичқонларни овлар экан, унинг қора ёки оқлиги муҳим эмас” деб ҳисоблар эди. 

 

Бизга маълумки, “Осиё феномени”, жумладан, Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам диний эътиқод, миллий урф-одатлар ва анъаналар етакчилик қилади. Хорижлик экспертларнинг таъкидича, “давлат – жамият – инсон” конструкциясида “осиёча концепция” Ғарб мамлакатлари тушунчасига унчалик мос тушмайди. Масалан, осиёликлар “инсон ҳуқуқлари, бу – жамоавийлик” деб билади ва жамият манфаатлари ҳимоясини устун қўяди. Жамоавийлик жадал иқтисодий ривожланишга эришиш, жиноятчилик ва ишсизликни паст даражада ушлаб туриш имконини беради. Жануби-шарқий Осиё халқларининг муваффақияти тарихий-маданий, тарихий-этнологик тажрибаси, билим, ёзув ва анъаналарни тўлиқ сақлаб қолганлиги билан белгиланади. Қизиғи шундаки, Осиё давлатлари ислоҳотлари илк босқичларида иқтисодий-ижтимоий дастурларни амалга оширишда авторитар бошқарув кучлилик қилади. 

 

Хўш, “Осиё қадриятлари” нималардан иборат? Унинг Ғарб қадриятларидан фарқи нимада? Узоқ йиллик таҳлилимизга кўра, қуйидаги омиллар устунлик қилади: жамият ва давлат ҳуқуқлари инсон ҳуқуқидан устуворлик қилади, оила мустаҳкам бўлишини хоҳлашади, ҳукумат жамиятга ахлоқий қоидаларни жорий этишга имкон беради, барча соҳада эркинлик тантана қилиши “ғоя”си ёқмайди, ота-оналар фарзандларига қаттиққўл бўлишади, капитализмнинг талаби, шарт-шароитига тез мослашади, ҳукуматдан ижтимоий ёрдамни кутмайди, таълимни юксак қадрлайди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам оила, жамият манфаатлари биринчи ўринда туради. Хусусан, коронавирус касаллигини биргаликда енгишда, табиий офатларни бартараф этишда бутун халқимиз юртбошимиз атрофида бир жону бир тан бўлиб ҳаракат қилади.

 

Умуман олганда, 1990 йиллардан бошлаб жаҳон миқёсида иқтисодий сакрашни амалга ошириб, Ғарб мамлакатларини лол қолдирган ривожланиш илдизида, албатта, давлатнинг бош ислоҳотчилик ғояси ётади, лдейиш мумкин. Япония, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур тараққиёт модели самарадорлиги сабаблари: биринчидан, давлат иқтисодиёт соҳаларига доимо раҳнамолик қилиши; иккинчидан, устувор тармоқларга юксак техника, технологияларни қўллаш учун имтиёзли кредит, солиқ преференциялари берилиши; учинчидан, минтақадаги ҳукуматлар импортга тўсиқ қўйилиб, протекционизмни қўллашида намоён бўлади. 

 

Ҳа, очиғи Европа ва Осиё давлатларининг ривожланиш йўлларида озгина фарқ мавжуд: Ғарбда макро-даража (молия, пул тизими, ташқи савдо), Шарқ давлатларида микро-даража (нархлар ва корхоналарни ислоҳ қилиш, нодавлат секторини қўллаш, кичик бизнесни ривожлантириш) механизмига кўпроқ таянишади.

 

Ўзбекистон миллий тараққиёт йўлининг самарали механизмларини ишлаб чиқишда юқорида тилга олинган давлатларнинг бой тажрибаси жуда асқотади, деб ҳисоблаймиз. Жануби-шарқий Осиё давлатлари иқтисодий ютуқлари тагзаминида миллий руҳият ва илғор технологиялар қўлланилиши ётади. Масалан, Малайзия ҳукумати қошидаги Миллий комитетга ёшларни “оммавий маданият”нинг ҳалокатли таъсиридан ҳимоя этиш чора-тадбирларни амалга ошириш юклатилган. “Япон руҳияти ва ғарб технологияси” шиори тарихда ўзини оқлаб, японларни пешқадам давлатлар қаторига қўшди. Сингапурда пора олишдан бош тортган чиновникларга мукофотлар тарқатилади. Яқинда матбуотимизда чоп этилган Сингапурда Ли Куан Ю иқтисодий модернизациясига доир ўзбек олимининг ажойиб мақоласида бу ҳақида эътиборга молик маълумотлар келтирилган (Шодиев Т. Кто автор “вакцины честности” в Сингапуре? А в Узбекистане?”. 4 февраля 2020 года, № 25 (7496). Японияда давлат сектори ходимларининг виждонлилиги баҳолаб борилиши механизми ҳам ўрганишга лойиқ ҳодиса. Яна айтадиган бўлсак, “Конфуцийча капитализм”, “Сухарточа сиёсат, Махатхира (руху нигара) ғоялари мазмун-моҳияти, Малайзияга хос бўлган “интеллектуал мия ҳужуми”– инсоннинг ички қувватини очиб берадиган тадқиқотлар ҳам навбат кутиб ётибди. 

 

Бахтиёр ОМОНОВ, сиёсий фанлар доктори

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM