Муносабат: МАКТАБГА КОМПЬЮТЕР ЖАМЛАНМАСИ ЕТКАЗИЛДИ

Жорий йилнинг 6 январь куни “Samarqand” вилоят телерадиокомпанияси орқали “Мурожаат ва ижро” рукни остида Нуробод туманидаги “Тегирмонбоши” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг шикоятлари асосида кўрсатув намойиш этилди. Унда маҳалладаги баъзи муаммолар билан бирга, тумандаги 44-умумтаълим мактабида дарс ўтиш учун синфхоналар етишмаслиги, спорт залнинг йўқлиги, жиҳозларнинг етишмаслиги танқид қилинган.
Таъкидлаш жоизки, 44-умумтаълим мактабининг 120 ўринли биноси 2012 йилда давлат дастури асосида қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бугунги кунда 204 нафар ўқувчи икки навбатда таълим-тарбия олиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида ўқувчилар сонининг ортиши натижасида қўшимча синфхоналарга эҳтиёж пайдо бўлди. Ушбу ҳолат инобатга олиниб, мактабда 2020 йилда 96 ўринли қўшимча бино қурилиши кўзда тутилган. Шунингдек, босқичма-босқич таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш зарур ўқув жиҳозлари билан таъминлаш режалаштирилган. Жумладан, жорий йилнинг 7 январь куни 44-умумтаълим мактабига бир синф, яъни 21 та компьютер жамланмаси олиб келиб ўрнатилди ва бугунги кунда улардан самарали фойдаланилмоқда.
Мактабда ҳақиқатан ҳам спорт зал йўқ. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда волейбол ва мини футбол, шахмат, шашка ва бошқа спорт турлари бўйича машғулотлар олиб борилмоқда. Туман ҳокимлигининг манзилли дастурига мувофиқ 2023 йилда 44-умумтаълим мактабида 9х18 ўлчамдаги спорт зали қуриш кўзда тутилган.
Нуробод туман халқ таълими бўлими

Kanalga ulanish: https://t.me/samarqandvxtb 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM