Ўз аравасини ўзи тортадиган вақт келди ёхуд давлатимиз раҳбари тижорат банкларининг бугунги ислоҳотлар жараёнидаги иштирокини нега қониқарсиз дея баҳолаган эди?

Сўнгги уч йил ичида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда улкан ўзгаришлар рўй берганини бугунги ҳаётимизнинг ўзи яққол кўрсатиб турибди. Бунга банк тизимидаги янгиланишларни мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Яратилган қулайликларни чуқурроқ ҳис этиш учун эса мазкур тизимда яқин-яқингача ҳукм сурган вазиятни кўз олдимизга келтириш, кифоя. Негаки, илгари фуқаро банк биносига кириш учун ҳам “эшик оғалари” назоратидан ўтиши, албатта, шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши шарт эди.

Асосий масала сўмнинг хорижий валюталарга нисбатан амалда учта курси (расмий курс, “қора бозор” курси, биржа курси) шакллангани, пулни нақдлаштиришда устама фоизлар пайдо бўлгани, хизматлар ва истеъмол товарлари баҳосида нақд ва нақдсиз пул ўртасидаги катта фарқлар вужудга келгани — буларнинг барчаси аҳолини қийнаб қўйганди.

Бугун-чи? Манзара буткул ўзгарган: мижозларни кутиб олиш, уларга хизмат кўрсатиш, ҳатто, муомала маданияти ҳам замон талабига мос. Банк-молия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли тизимда йиғилиб қолган муаммолар ўз ечимини топмоқда. Бу Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонида мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш борасида молия муассасалари олдига қўйилган вазифалар изчил ижроси таъминланаётганидан далолат беради. Бинобарин, валюта сиёсати либераллаштирилиб, валюта бозори халқаро талаб ва андозаларга мослаштирилди, қолаверса, банк хизматларининг инновацион турлари амалиётга кенг жорий этилаётгани алоҳида эътиборга молик жиҳатдир.

Шунга қарамасдан, бугунги натижалар бизни қониқтирмайди. Чунки глобал ривожланиш шароитида иқтисодиётни модернизациялаш, таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, тижорат банклари устав капитали таркибида давлат улушини пасайтириш, банк тизимининг барқарорлигини ошириш ва ликвидлилигини таъминлаш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш, кўрсатилаётган хизматлар тури ва кўламини кен¬гайтириш каби устувор вазифалар долзарблиги янада ошган.

Давлатимиз раҳбари банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда тижорат банкларининг бугунги ислоҳотлар жараёнидаги иштироки қониқарсиз эканлигини таъкидлагани ҳам бежиз эмас. Ўшанда қайд этилганидек, тижорат банкларига охирги йилларда Давлат бюджетидан инвестициявий дастурларни молиялаштириш учун 8,4 триллион сўм, айланма маблағлар учун 400 миллион доллар, устав капиталини ошириш учун 1,7 миллиард доллар маблағ ажратилган. Сўнгги икки йил ичида банклар капиталлашувини кўпайтириш учун 3,3 миллиард доллар давлат маблағлари берилган. Айнан мазкур масалалар Президентимизнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб, энди тижорат банклари ҳақиқий тижорат асосида ишлаши кераклигини, бундан буён улар ўз аравасини ўзлари тортиши, яъни кредитлаш ва бошқа молиявий қўйилмаларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағларни ўзлари излаб топиши ва жалб этиши вазифаси юклатилди. Назаримизда, банклар капитали таркибида давлат улушини кескин камайтириш, ҳукумат ва Марказий банкнинг ликвидли қимматли қоғозлар инвестициялар улушини ошириш, узоқ муддатли хатарли активлар молия¬вий манбаларини яратиш орқали улар ўртасида бозор тамойиллари ва механизмларини кенгроқ қўллаш зарур.

Таъкидлаш керакки, ислоҳотларнинг янги босқичида миллий иқтисодиётда бозор механизмлари ва тамойилларини кенг жорий этиш, айниқса, банклар ўртасида рақобатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Сабаби, рақобат бозор иқтисодиётида объектив воқелик бўлиб, бир томондан, тижорат банкларининг мижозлар, омонатчилар, инвесторлар ва бошқа молиявий ҳамкорлар ўртасидаги ички зарурий ва мақсадли иқтисодий алоқаларни “кўринмас қўллар”, яъни талаб ва мезон орқали тартибга солиб турса, иккинчи тарафдан, банклар ўртасида хизматлар тури ҳамда сифатини оширишга ва баҳосини пасайтиришга катта туртки бўлади. Оддий ҳақиқат шуки, рақобатсиз бозорда адолат ҳамда ишончни таъминлаб бўлмайди. У бозорнинг асосий механизми ва ёзилмаган қонунидир.

Ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар банк тизими амалиётига назар солсак, айнан бозор тамойиллари ва механизмлари қўлланилиши юқори натижалар берганига ишонч ҳосил қиламиз. Хусусан, 2018 йилда тижорат банклари жалб қилган молиявий ресурслари таркибида уч йил ва ундан ортиқ муддатга сақланадиган маблағлар улуши АҚШда 65,5 фоизни, Буюк Британияда 54,2, Хитойда 52,3 фоизни ташкил этган. Уч йилгача сақланадиган маблағлар ҳажми эса 75 — 80 фоизга етади.

Бизнинг фикримизча, бугунги кунда Ўзбекистон банк тизими олдида турган асосий йўналишлар сифатида тижорат банклари капитали ҳажмини мамлакат ЯИМга нисбатан 10 — 12 фоиз даражасини таъминлаш, ресурслар таркибида 3 йил ва ундан ортиқ муддатларга жалб этиладиган маблағлар улушини ошириш, тижорат банклари молиявий барқарорлиги ва хизматлари сифатини баҳолашда умумэътироф этилган замонавий усуллар ва меъёрларни жорий қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бундан ташқари, банкларнинг рақобатбардошлик даражасини таъминлаш ҳамда илғор банк амалиёти асосида фаолият юритаётган тизимга айлантириш, аҳолининг мамлакат банк тизимига ишончини янада мустаҳкамлаш ҳам эътибор марказида бўлиши зарур.

Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш чоғида микро даражада бозор муносабатлари, яъни иқтисодиётни бошқаришда давлат иштироки босқичма-босқич камайтирилади. Айни шу жараёнда тижорат банклари ўз фаолиятини юқорида қайд этилган стратегик йўналишлар асосида ташкил этиши уларга нисбатан мижозлар ва аҳолининг ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Акрам ОМОНОВ,

Тошкент молия институти

“Банк иши” кафедраси мудири,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM