Янги транспорт картаси. У қандай ишлайди? Талабалар ва нафақахўрлар имтиёзи нима бўлади?

Янги йилнинг яхши янгиликларидан бири Ўзбекистонда ягона транспорт картаси жорий этилиши бўлди. Замонавий технологиялар асосида тайёрланган бундай турдаги карталар қандай ишлайди? У ҳақида нималар билишимиз керак?

Биринчи навбатда янги карталар ўрнатилган NFC чипи туфайли контактсиз ишлайди. Уларнинг нархи 11000 сўмни ташкил этади, шунингдек, ушбу суммага бир марталик транспортдан фойдаланиш харажати ҳам киради. Тизим жамоат транспорт нархида — бир марталик йўл учун 1400 сўмдан ечиб олмоқда. Ҳали чиққанига кўп бўлмаган бўлсада, бугунги кунга қадар 1000 га яқин карталар сотилишга улгурибди.

Ягона транспорт картаси ҳозирча 30та автобус бекатларида (гавжум ва марказий бекатлар асосан) ва метро бекатларида сотувга чиқарилди. Карталарни ўша сотув жойларида, шунингдек, UzCard иловаси орқали тўлдириш мумкин. “AVTOMATLASHTIRILGAN TRANSPORT TOʻLOV TIZIMI OPERATORI” МЧЖ компанияси директори Тимур Азадовнинг таъкидлашича ҳозирда картани Click, Payme, Paynet каби тўлов тизимлари билан интеграция этиш ишлари олиб борилмоқда. Яқин келажакда улар ҳам ишга тушади ва картани тўлдириш имконияти ошади.

Кўпчиликда имтиёз эвазига ойлик йўл чипталаридан фойдаланиб келганларнинг келажакда қандай йўл тутиши қизиқтириши табиий. Азадовнинг маълум қилишича, улар учун алоҳида карталар очилади. Масалан, ўқувчилар-талабалар, нафақахўрлар ҳам ўзлари учун алоҳида карталар чиқарилади. Шунингдек, жамоат транспортидан бепул фойдаланадиганлар учун ҳам алоҳида карталар чиқарилади. Имтиёзга эга бўлганлар бир ойлик ўртача 130 марта транспортдан фойдаланишиши мумкин бўлади. Чекловдан ошган ҳолатда улар ҳам одатий тариф бўйича тўловни амалга ошириб жамоат транспортидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Янги тизим қандай ишлайди?

Январ кў800 дан ортиқ автобуслар янги тўлов усулини қабул қиладиган мобил тасдиқлаш (валидатор) ускуналари билан жиҳозланган. Қурилма ёрдамида сиз сониялар ичида тўловни амалга оширишингиз мумкин. Шунингдек, кетма-кет, ёки бошқа биров фойдаланмаслиги ҳам ҳисобга олинган. Яъни хавфсизлик нуқтаи назаридан битта карта орқали кетма-кет икки марта тўлов қилиб бўлмайди. Тизим бир марта тўловни амалга оширганидан сўнг 6 дақиқа давомида махсус қулфга тушади ва фақат шундан кейингина сиз тариф бўйича қайта тўловни амалга оширишингиз мумкин.

Азадовга кўра, шунингдек, март ойидан бошлаб стационар валидаторлар ҳам ўрнатилиши кўзда тутилган. Бундай ҳолатларда сизга кондукторлар керак бўлмайди. Йўловчилар ўзи мустақил стационар валидаторга картани қўйиб тўловни амалга ошириши мумкин бўлади. Бу тизим ҳам босқичма-босқич жорий этилади.

Метро йўл ҳақи

Янги тизим метрода ҳам ишлайди. Метро кассаларида сиз янги картани сотиб олишингиз ва уни ўша ердаёқ тўлдиришингиз мумкин. Йўлкира учун тўловни қабул қилиш турникетларга ўрнатилган валидатор орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, метрода эски турникетларнинг ўрнига янгилари босқичма-босқич амалга оширилади.

Тўловни бекор қилиш функцияси

Янги тизим тўловни бекор қилиш функциясига ҳам эга. У транспорт воситаларининг бузилиши ҳолатларида қўлланилади, масалан сиз тўлов қилиб бўлгансиз, аммо ўша транспорт маълум сабабларга кўра, бузилиб қолса, ҳаракатни давом эттира олмай қолса, йўловчиларнинг пули қайтариб берилади.

Соатбай тарифларнинг жорий этилиши

Шунингдек, ҳозирча йўловчилар учун соатбай тарифлар ҳам жорий этилиши кутилмоқда. Яъни йўловчи юрган йўли учун эмас, балки транспортда юрган вақти учун тўлаши имкониятига эга бўлади.

Масъуллар буни икки йўл билан амалга оширишмоқчи:

- автобусга (метрога) йўловчилар кириш ва чиқиш жойларида иккита валидатор мосламасини ўрнатиш. Бу тизимда вақт ва йўл ҳақи ҳисоблаб чиқилгандан сўнг (аниқ нархи ҳозирча номаълум) амалга оширилади;

- вақтни ҳисоблаб турадиган иловадан фойдаланиш.

Универсал карта

Лойиҳага кўра, ягона транспорт картасининг бошқа функцияларни ҳам бажариши режалаштирмоқда, масалан, бу карта орқали пуллик автотураргоҳлар учун тўловларни ёки зарурий эҳтиёж учун кичик товарларга (масалан нон) тўловларни ҳам амалга ошириш мумкин бўлади. 

Лойиҳани молиялаштириш

Тимур Азадов берган маълумотга кўра, лойиҳага киритилган сармояларнинг умумий ҳажми 12 миллион долларга баҳоланмоқда. Бунда асосий инвестор UzCard — 6 миллион доллар, Алоқабанк — 3 миллион ва Транспорт вазирлиги — 3 миллион доллар тақдим этишган.

 

2015-2020 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM