Одам савдоси - инсон эркинлигига таҳдиддир.

Одам савдоси - инсон эркинлигига таҳдиддир.

Бугунги кунга келиб халқаро терроризм, наркотрафик ва одам савдоси сингари трансмиллий жиноятларнинг инсон хавфсизлигига хуруж қилаётгани боис, улардан жабр чекаётганлар, афсуски, кўпчиликни ташкил этмоқда. Ҳудуд ва чегара билмайдиган бу жиноятларнинг ҳар бири жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдирмоқда. Улар орасида айниқса, одам савдосидек оғир жиноят инсон ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларини поймол қилиб, унинг эрки, тақдири ва келажагини оёқ ости қилиши билан нақадар жирканч кўринишга эга эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Инсон тирик мавжудотлар орасида ақл-идрок берилган онгли мавжудот бўлиб, у ўтган замонларда ҳам озод ва эркин яшашга ҳаракат қилган. Уни эркидан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги дунё ҳамжамияти томонидан тасдиқланган қонунларда ҳам белгилаб қўйилган. Бироқ, бугунги кунда дунё бўйлаб одам савдосидай ўта хавфли иллатнинг кенг тарқалиши инсон шахси, шаъни, қадр-қиммати, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига жиддий таҳдид туғдирмоқда. Бу билан боғлиқ жиноятлар жаҳон жамоатчилигини жиддий ташвиш ва хавотирга солаётгани айни ҳақиқат. Кейинги йилларда одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда.

Одам савдосига қарши курашиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, XIX аср охири ва XX аср бошларида аёлларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африка қитъаларига кенг кўламли миграцияси ҳамда аёлларни Европага сотиш ҳодисаси кузатилган. Бу ҳодисага барҳам бериш мақсадида Парижда 1902 ва 1910 йилларда иккита конференция ўтказилиб, "Оқ қуллар савдосига қарши кураш" номли бутунжаҳон Конвенцияси қабул қилинган. Кейинроқ ушбу конвенция "Аёллар ва болалар савдосини йўқотиш" ва "Вояга етган аёллар савдосини йўқотиш" номли бутунжаҳон Конвенциялари билан тўлдирилган. Одам савдоси муаммосига қарши курашишнинг кейинги тарихий жараёнлари секин-аста ривожланиб, 1948 йилда "Инсон ҳуқуқлари" умумжаҳон Декларацияси қабул қилинган. Шундан сўнг "Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенцияси", "Қуллик хусусида"ги Конвенция, "Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисида"ги қўшимча Конвенция, "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги Конвенция, "Аёлларга қарши дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенциялар қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди.

Айни пайтда трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг узвий таркибий қисми бўлган бу турдаги жиноят дунё миқёсида кенг тарқалмоқда. БМТ ва Миграция бўйича халқаро ташкилот мутахассисларининг таҳлилий хулосаларига кўра, ундан жабр кўрганлар сони бир неча миллионларини ташкил қилмоқда. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг асосий қисмини аёллар ва болалар ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда долзарб масалалардан бири бўлган одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида юртимизда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга, одам савдоси трансмиллий, яъни ҳудуд ва чегара танламайдиган жиноят эканлиги ҳисобга олиниб, давлатимиз 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган "Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида"ги Конвенцияга қўшилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида"ги Конвенция, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди. Шунингдек, мустақиллик йилларида хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, шу жумладан, одам савдосининг хавфли кўринишларига қарши кураш ҳақида бир қатор шартнома ва келишувлар имзоланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилнинг 17 апрелидаги "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни ва Юртбошимизнинг 2008 йил 8 июлдаги "Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори мамлакатимизда одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг миллий қонунчилик асосларини яратиб берди. Бундан ташқари, одам савдосига қарши курашиш, бундай жиноят қурбонларини ижтимоий ҳимоялаш тадбирлари комплекс характерга эга эканлиги инобатга олиниб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси тузилди ва ҳозирги кунда комиссия томонидан одам савдоси ҳолатларининг олдини олиш, аниқлаш ва уларга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш ҳамда одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга қаратилган бир қатор ташкилий ва профилактик тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Қолаверса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг одам савдосига қарши курашиш масалаларида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тиббиёт ва таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик билан яқиндан ҳамкорлиги таъминланмоқда.

Бош Қомусимизнинг 24-моддасида: "Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир", дейилган. Энг ачинарлиси, бу жиноятни содир этувчиларнинг ҳам, бундан жабр кўрувчиларнинг ҳам муддаолари муштарак. Яъни, енгил йўл билан даромад топиш истагида жиноят содир этиш - икки тоифадаги одамларни ҳам ҳалокат домига тортмоқда.

Одам савдоси инсоннинг нафақат жисмоний кучини, балки унинг салоҳиятини, танасидаги аъзоларини, ҳаттоки маънавий қадриятларини ҳам бозорга солишга мажбур этмоқда.

ХХI аср умум башариятга техника асри бўлиб кириб келди. У ўзи билан биргаликда бир қанча муаммоларни вужудга келтирди:

 

  • гиёҳванд моддалар савдоси;
  • қурол-яроғ савдоси;
  • одам савдоси;
  • халқаро терроризм;
  • глобаллашув муаммолари;

 

Инсонлар бойлик орттириш мақсадида ўз қавмини, қариндош-уруғларини, маҳалла-куйда яшаб турган маҳалладошларини турлича алдовлар билан Россия, Туркия, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Кореяда яхши ҳақ тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиб ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетиб, сотиб юбормоқдалар. Бундай ҳолат миллатимизнинг фожиасидир. Айниқса, бу ишларга аёлларнинг аралашгани кечириб бўлмайдиган ҳолатдир.

Дунё бўйича турли манбалардан олинган маълумотларга қараганда, одам савдосидан жабр кўрганлар сони салкам 200 миллионга етган, деб қайд қилинмоқда. БМТ маълумотларига кўра эса, ҳар йили дунёда ўртача 2,5-3 миллион киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Ҳар йили қарийб 1 миллионга яқин аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилиб сотиб юборилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2008 йилда Республикамизда мингдан ортиқ шахс одам савдоси билан боғлиқ жиноятлардан жабрланганлар. Уларнинг 35-40 фоизини аёллар, 10-15 фоизини эса болалар ташкил этади.

Ҳозир Республикамизда тузилган Идоралараро комиссияси томонидан ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, одамларни огоҳлантирувчи кўргазмали воситалар шаҳримизда ва вилоятларда кўринадиган жойларга ўрнатилмоқда. Хорижда меҳнат қилиш истаги бўлганлар билан суҳбатлар, учрашувлар ўтказилмоқда. Шунга қарамай ҳозир хорижда минг-минглаб эркак ва аёллар бу балога гирифтор бўлиб жафо чекмоқдалар. Уларнинг кўплари ҳали ҳам ўз ҳуқуқларини англаб етмаган, адашган ва ватанига қайтиш йўлларини излаётган кимсалардир.

Мамлакатимизнинг ўзида тирикчилик қилиш имконияти бўлатуриб, баъзи юртдошларимизнинг хорижга олиб кетиб сотилиши, хўрланиши, қулликка ёлланиши на бизга, на миллатимизнинг маънавий қадриятларига тўғри келмайди. Фикримизча, фуқароларимизнинг ушбу жиноят қурбонига айланишининг бир неча сабаблари бор:

  • одамларимизнинг соддалиги ва ишонувчанлиги;
  • тез вақт ичида моддий муаммоларни ҳал этиш илинжи;
  • енгил иш топиш орзуси;
  • ҳуқуқий билимларга эга бўлмаслик;
  • айрим нопок ҳамюртларимизнинг ғайриинсоний ва ғайриқонуний ҳаракатлари;
  • жиноятдан жабрланганларнинг дунёқарашининг торлиги, саёзлиги;
  • етарли даражада таъсирчан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормаслик.

 

Одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш халқаро ва минтақавий даражада жиддий ёндашув ҳамда ўзаро ҳамкорликни талаб этади. Зеро, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ғайриқонуний равишда айнан ўзга инсон томонидан камситилиши кечириб бўлмас жиноятдир.

 

 

Нуробод тумани "Баркамол авлод" болалар маркази
маданий-оммавий тадбирлар ташкилотчиси
 С.Нормуродова

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM