Нуробод тумани нурга тўлиб, ҳар томонлама ривожланяпти

Бугунги кунда Нуробод тумани ҳар томонлама ривожланяпти. Бунда барча идора ва ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ўз ҳиссасини қўшаётир. 
Бу ҳақда гап кетганда, албатта, иккинчи сектор масъулларини ҳам тилга олиш ўринли. Боиси ушбу сектор фаоллари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан бирга, аҳоли муаммоларини жойига чиқиб ўрганиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича аниқ механизм асосида иш юритяпти. 
Туман прокурорига иккинчи сектор ҳудудидаги 9 та маҳалла фуқаролар
йиғини бириктирилган. Улардаги 8540 та оила мавжуд. 
Сектор ҳудудида 42 та ижтимоий соҳа объектлари фаолият юритмоқда. Шунингдек, 534 та тадбиркорлик субъекти бўлиб, улардан 62 таси жорий йилнинг ўтган даврида янгидан ташкил этилган. 

 

— Иккинчи сектор ҳудудида жами 485 та ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонлар “темир дафтар” киритилган бўлиб, уларда 3314 нафар фуқаро истиқомат қилади, — дейди туман прокурори Норсўлув Соипова. — Улардан 673 нафари меҳнатга лаёқатли бўлиб, бугунги кунга қадар иккинчи сектор ташаббуси билан улардан 658 нафарининг бандлиги таъминланган. “Темир дафтар”да бўлган 462 та оиланинг бандлиги ва ижтимоий даромад манбаига эга бўлганлиги сабабли дафтардан чиқарилди. Ҳозирда дафтарда қолган оилаларга доимий равишда моддий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўтказилган хатлов жараёнида 238 нафар аёлнинг турли хил йўналишларда муаммолари аниқланиб, “аёллар дафтари”га киритилган. 
Дафтардаги 169 нафар аёлнинг бандлиги таъминланган. Улардан 55 нафари корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилган. 31 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 33 нафарига тадбиркорлик қилиш учун кредит ажратилган. Бугунги кунда “аёллар дафтари”да бўлган жами 238 нафар аёлнинг барчаси дафтардан тўлиқ чиқарилган. Жумладан, “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар Раъно Ўсарова ва Азиза Хидировалар “аёллар дафтари”да туриб, кредит олиб тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги борлигини билдирган. Туман прокурори, иккинчи сектор раҳбари томонидан ёрдам кўрсатилиб, Р.Ўсарова ва А.Хидировалар йигирма саккиз миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Шу туфайли беш донадан тикув машиналари олиб, тикувчилик цехи ташкил қилган. Ҳозирги кунда улар маҳалладаги ўн нафар ишсиз хотин-қизни ҳам иш билан таъминлаб, фаолият олиб бормоқда.

Ёшлар масалалари ҳам туманнинг иккинчи сектори эътиборида. “Ёшлар дафтари”га киритилганлардан 92 нафари ишга жойлаштирилган. 78 нафарига тадбиркорликка кўмаклашиш мақсадида кредит ажратилиб бандлиги таъминланди. 490 нафар ёшга такрорий экин экиш учун ер майдонлари ажратилиб, қишлоқ хўжалигида бандлиги таъминланди, 98 нафар ёшларга бепул асбоб-ускуналар тарқатилди, 8 нафар ёшлар ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун курсларда бепул ўқитилди. Қилинган амалий ишлар орқали жами 861 нафар ёшнинг бандлиги таъминланиб, “ёшлар дафтари”дан чиқарилди, қолган 104 нафарининг бандлигини таъминлаш юзасидан манзилли ишларни олиб борилмоқда.
Уларга келгусида такрорий экин экиш учун ерлар ажратиш, ўзини-ўзи банд қилиш, тадбиркорга бириктириш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бўш иш ўринларига жойлаштириш режалаштирилган. 
— Иброҳим ота қишлоғида яшайман. “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турардим, — дейди Аббос Ҳайдаров. — Иккинчи сектор раҳбарининг амалий ёрадами билан тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиб, “Халқ банки”нинг туман филиалидан “Ҳар бир оила — тадбиркор” йўналишида 29,5 миллион сўм имтиёзли кредит олдим. Натижада акфа эшик ва ромлар ясаш цехини ташкил қилиб, ўз тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Бугунги кунда “ёшлар дафтари”дан чиқиб, ака-укаларимни ҳам иш билан банд қилдим.

 

Худди шундай Ҳовузбулоқ қишлоғида яшовчи Фазлиддин Бойқораев ҳам иккинчи сектор кўмагида паррандачилик фаолиятини кенгайтириши учун 30 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Натижада у бугунги кунда хонадонида товуқ гўшти етиштириш фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 1,5 мингта жўжа парваришлаб, ўзи “ёшлар дафтари”дан чиқиш билан бирга, қўшимча 2 та иш ўрни яратилишини таъминланди.
Дарвоқе, жорий йилда сектор раҳбарининг амалий ёрдами билан 60 ўринли  давлат-хусусий шериклик асосида МТМ ҳамда ўнлаб оилавий боғчалар очилди. 
— “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшайман. Иккинчи секторнинг амалий кўмаги билан уйимизда “Илк қадам” номли оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил қилдик, — дейди Дилноза Нурмуродова. - Ҳозирги кунда маҳалламизнинг йигирма етти нафар болажонлари боғчамизга қатнайди. 3 нафар ишсиз хотин-қизларни ҳам иш билан банд қилдик.

Нуробод туман прокурорининг ташаббуси билан 3-умумтаълим мактаби қошида кам таъминланган оила фарзандлари  учун иккита хона ажратилиб, чет тили бўйича ўқув маркази ташкил этилди. Унда халқаро сертификатга эга бўлган   ўқитувчилар юзга яқин ўқувчиларга рус ва инглиз тилидан дарс бериб келишмоқда.  
Туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сектор ҳудудидаги “Дўстлик” МФЙда янги сув насос ўрнатилди. Натижада 42 та хонадонда яшовчи 184 нафар фуқаро тоза ичимлик суви билан таъминланди. “Улус” МФЙдаги 780 метрлик ичимлик суви тармоғининг қайтадан таъмирланиши натижасида 85 та хонадонга тоза ичимлик суви етказиб берилди. Шу кунга қадар ушбу хонадонларда яшовчи фуқароларга ичимлик суви ташиб келтириларди. “Жом” МФЙдаги учта сув иншоотининг насоси янгисига алмаштирилиб, сув таъминоти яхшиланди.
Сектор ҳудудида 44 дона эскирган ва яроқсиз ҳолатга келиб қолган ёғоч симёғочлар бетон устунларга алмаштирилди, иккита янги трансформатор ўрнатилди, олтитаси таъмирланди, 650 метр эскирган электр симлари янгисига алмаштирилди, 700 метр масофага янги электр тармоғи тортилди.
Шу билан бирга, маҳалла ички кўчаларини таъмирлаш, асфальт ётқизиш ишлари ҳам жадал олиб бориляпти. “Олтинсой” МФЙнинг Ўзку қишлоғида эса лойиҳа қиймати 5,3 миллиард сўмлик 24 метр кўприк қурилиши бошлаб юборилган. Буларнинг барчаси аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлардир. Демак, келгусида туман маҳаллалари янада обод бўлади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

(“Халқ сўзи”).

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар. 

 

2015-2021 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM