Президент ташаббуси билан ўтказилаётган олий даражали халқаро конференциянинг ялпи мажлиси бошланди

Тошкент шаҳрида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги олий даражали халқаро конференциянинг ялпи мажлиси бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.Маълумки, минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш ташаббуси давлатимиз раҳбарининг янги очиқ ташқи сиёсий стратегияси доирасида илгари сурилди.Ушбу ғоя Марказий Осиёда иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш орқали минтақамиз билан иқтисодий, ижтимоий, маданий-цивилизацион йўналишларда тарихан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳудуд — Жанубий Осиёга чиқишни назарда тутади.Бу борада ниҳоятда муҳим аҳамият касб этадиган анжуман давомида БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг мурожаати, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари, халқаро молия ташкилотлари бошлиқларининг нутқлари режалаштирилган. Унда Марказий ва Жанубий Осиёдаги минтақалараро ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, ўзаро алоқаларнинг муваффақиятли намуналари, икки минтақани ўзаро боғлашга хизмат қиладиган истиқболли инфратузилма лойиҳалари кўриб чиқилади.«Барқарор ўсишга хизмат қилувчи савдо ва транспорт алоқаси» номи остидаги биринчи секцион йиғилишда қуйидагилар муҳокама қилинади:- минтақалараро алоқани кучайтириш асносида Марказий ва Жанубий Осиё иқтисодиётини модернизация қилиш истиқболлари; - Марказий ва Жанубий Осиёда транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш имкониятлари, шу жумладан мавжуд транспорт коридорларини кенгайтириш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш;- хорижий ҳамда халқаро молия ва инвестиция институтлари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ва бошқа масалалар;«Маданий-гуманитар алоқаларни тиклаш дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш воситаси сифатида» мавзусидаги иккинчи секцияда қуйидагилар кўриб чиқилади:- Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий ва маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш соҳасидаги ҳамкорлик; - таълим, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш, фан ва техника, экология, туризм соҳаларидаги ўзаро фаолият.«Минтақавий хавфсизлик. Қаршиликлар ва таҳдидлар» мавзусига бағишланган учинчи секцияда янги хатар ва таҳдидларга қарши курашда, шунингдек, трансчегаравий инфратузилмалар хавфсизлигини таъминлашда минтақавий ҳамкорлик истиқболларига эътибор қаратилади. Конференция модераторлар ва Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг хулосалари билан якунланади.

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM