Республикамизда 2023 йилда илк бор аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Ушбу тадбир сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида 1989 йилда ўтказилиб,ўша пайтда юртимиз аҳолиси 19,7 миллион кишини ташкил этган. Амалдаги жорий ҳисобга кўра, 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикамиз доимий аҳолиси сони 33 905,8 минг кишини ташкил этиб, шундан шаҳар аҳолиси сони 17 118,4 минг кишини (жами аҳоли сонига нисбатан 50,5 %), қишлоқ аҳолиси сони 16 787,4 минг кишини (49,5 %) ташкил этади. Жами аҳолимизнинг 50,2 % ни эркаклар (17 036,1 минг киши), 49,8 % ни аёллар (16 869,7 минг киши) ташкил этади.

2019 йил давомида республика бўйича туғилган болалар сони 815,9 минг нафарни, вафот этганлар 155,0 минг кишини ташкил этган.                        Республика ҳудудлари кесимида, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида 3878,0 минг кишини (республика жами аҳолиси сонидаги улуши 11,4 %), Фарғона вилоятида 3752,0 минг кишини (11,1 %) ва Қашқадарё вилоятида 3280,1 минг кишини (9,7 %) ташкил этди.

 Бироқ, аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотлар аҳоли сони, яшаш шароити, маълумоти, бандлиги, ёш-жинс таркиби, миллат таркиби, республика ҳудудида аҳолининг жойлашуви ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликлар тўғрисида аниқ хулоса ва таҳлиллар қилишга етарлича имконият бермаяпти. Шу муносабат билан, мамлакатимизда ана шундай муҳим тадбирни 2023 йилда илк бор ўтказишга қарор қилинди. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасиинг  2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

                                                            Нуробод туман статистика бўлими бошлиғи                                                                М.Тураев

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM