Нуробод, Паст Дарғом тумани иқтисодий судлари тугатилади

Судлар фаолиятини такомиллаштиришга оид Президент фармони қабул қилинди:
1. Вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади.

2. Туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади. Маъмурий ҳуқуқбузарликлар энди жиноий судларда кўрилади. 199 та туман (шаҳар) маъмурий судлари мақбуллаштирилиб, вилоят марказларида 14 та туманлараро маъмурий суд тузилади.

3. Энди прокурорлар тарафлар мурожаат қилгандагина суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиши мумкин. Фуқаролик ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурорнинг ўз ташаббуси билан қатнашиши чекланади. Прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечса, реабилитация асосларига кўра жиноят иши тугатилади.

4. “Бир суд – бир инстанция” тамойилига ўтилади: суд ишларини назорат тартибида ва бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётлари тугатилади.

5. Суд ходимларининг моддий таъминоти 1 январдан тўлиқ давлат бюджетига ўтказилади, уларнинг маоши оширилади.

6. Олий суд тузилмасида инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишлар бўйича алоҳида судлов таркиби тузилади.

7. Амударё, Нуробод, Бойсун ва Паст Дарғом тумани иқтисодий судлари тугатилади. Янгийўл, Ургут, Сўх, Хатирчи ва Пахтакор туманларида фуқаролик ишлари бўйича судлар; Бўзатов, Тахиатош, Бандихон ва Тупроққалъа туманларида жиноят судлари ташкил этилади.

А.АХМАДОВ,
жиноят ишлари бўйича Ургут тумани суди судьяси.

 

2015-2020 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM