Ҳокимликларнинг бир қанча ваколатлари бошқа давлат органларига ўтказилди

​Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" канали хабаор берди.

Ҳужжат билан Президентнинг 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ–4546-сон қарорига кўра, давлат органлари томонидан талаб қилиш ва маҳалла томонидан бериш тақиқланган 28 турдаги ҳужжатлар билан боғлиқ Ҳукумат қарорларига ўзгартиришлар киритилди.

Шунингдек, қарор билан ҳокимликларнинг лицензиялаш ва рухсат беришга оид бир қанча ваколатлари бошқа давлат органларига ўтказилди.

Хусусан: 

  • Чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш – Халқ таълими вазирлиги ва вилоят халқ таълими бошқармаларига;
  • Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш – Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бўлинмаларига;
  • Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш – Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаларига;
  • Алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилишга рухсат этувчи махсус гувоҳномалар бериш – туман (шаҳар) солиқ инспекцияларига.

Айрим идоралараро коллегиал органлар тугатилди ёки ваколатлари бошқа давлат органига ўтказилди.

Жумладан, 

  • қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви ва табиий газ билан таъминлаш дастурини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси тугатилди;
  • хорижий тилларни ўрганишни янада ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ваколатлари – Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликларига;
  • Ўзбекистон миллий автомагистрали бўйлаб йўл инфратузилмаси ва сервиси объектларининг жойлаштирилишини кўриб чиқиш ва келишиш Комиссияси ваколатлари – Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига;
  • маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари кўргазмалари ва ярмаркаларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг ваколатлари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ўтказилди.

 

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM