9 апрель — Амир Темур туғилган кун

❗️СОҲИБҚИРОН ҲИКМАТЛАРИ

 

 

Мен ҳаётим мобайнида беш нарсага қатъий эътиқод қўйдим ва ҳамишалиғ уларга амал қилдим. Улар ушбулардир:

 

АЛЛОҲ — ул ҳар нарсага қодир куч, сидқидилдан сиғинсанг истаган муроду мақсудингга етказади.

 

ТАФАККУР — фикрлаш ва мушоҳада қобилияти, қувваи ҳофизаси кучли инсон ҳар қандай мушкулу мушкулодни осон қилиш йўлини топа олади.

 

ҚИЛИЧ — ул йигитнинг йўлдоши, эл-юрт осойишталигининг посбони, ҳар қандай душманни маҳв этиш қуроли.

 

ИМОН — ул инсонни барча жонлилардан фарқлантириб тургувчи хусусиятдир. Имонли одам хиёнат қилмайди, қариндош-уруғлари, элу халқнинг ор-номусини ҳимоя қилади, ҳалоллик ва покликни фазилат билади.

 

КИТОБ (битик) — барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.

 

 

Хон бўлсанг-да боғ ярат, гадой бўлсанг-да боғ ярат — бир кунмас-бир кун мевасини татирсан.

 

 

Шайх Баҳовуддин Нақшбандийнинг: «Қам егин, кам ухла, кам гапир» деган панду насиҳатларига амал қилдим.

 

 

Дарвеш, фақир ва мискинларни ўзимга яқин тутдим, уларнинг кўнгилларини оғритмадим ва ҳеч бир талабларини рад этмадим.

 

Бузуқи ва оғзи шалоқ ғийбатчи одамларни мажлисимга йўлатмадим, сўзларига амал қилмадим.

 

 

Ўғилларим, набираларим ва яқинларимни уйлантирмоқ ташвишида келин изламоққа эътибор бердим. Бу ишни давлат юмушлари билан тенг кўрдим.

 

Келин бўлмишнинг насл-насабини, етти пуштини суриштирдим. Хос одамлар орқали соғлиқ-саломатлигини, жисмонан камолатини аниқладим.

 

 

Ўғилларим, набираларим ва яқинларимга бирон томчи шароб ичиб, хотинларига яқинлашишни маън этдим. Зеро, шаробнинг таъсирида бунёдга келган фарзанд насл-насибанинг бузилишига таъсир этгай, дебон шу покиза йўлни тутдим.

 

 

Ҳар кимдан кенгаш олдим, ҳар кимдан фикр ўргандим: қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, ишлата билдим.

2015-2024 © Нуробод туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM