2021-2022 ўқув йилида 1-синфга қабул 15 июндан бошланади

Жорий йилнинг 8 июнь куни АОКА мажлислар залида Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбарлигида брифинг ташкил этилди. Унда янги ўқув йилида мактабларнинг 1-синфига ҳамда Халқ таълими тизимидаги ихтисослашган мактабларга қабул тартиби ҳақида маълумотлар берилди.

Янги ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига қабул 15 июндан бошланиши маълум қилинди. Ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг марказидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари тажриба-синов тариқасида электрон шаклда амалга оширилади.

Қолган ҳудудлар (Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бошқа туман (шаҳар)лари) умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул анъанавий шаклда, яъни бевосита мактабда амалга оширилади.

Шунингдек, тажриба-синов тариқасида жорий этилаётган электрон шаклдаги қабул жараёни 2 та босқичда амалга оширилади:

1. Биринчи босқичда ота-оналар 2021 йилнинг 15 июнидан 5 июлига қадар my.maktab.uz электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтиб, фарзандлари 1-синфга чиқадиган мактабларни танлайди.

Бунда ота-оналарга 3 та мактабни танлаш имконияти берилади:

Биринчи мактаб-ота-она доимий истиқомат қилаётган ҳудуддаги мактаб, яъни яшаш манзили бириктирилган микроҳудуддаги мактаб;

Иккинчи ва учинчи мактаблар — ота-оналарнинг ихтиёрий танлови асосида фарзандларининг қатнаши учун қулай бўлган мактаблар.

Иккинчи босқичда 2021 йилнинг 6 июлидан 31 июлга қадар ота-оналар электрон платформа орқали танлаган биринчи мактабга, яъни бириктирилган микроҳудуддаги мактабга ҳужжатларини топширади, бунда ҳужжатларни топшириш тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Бунда ота-оналарнинг доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандлари жойлашиши кафолатланади.

Агар ота-оналар микроҳудуддаги мактабни эмас, бошқа мактабларни танлаган бўлса, яъни электрон рўйхатдан ўтиш вақтида танлаган иккинчи ёки учинчи мактабларнинг бирида бўш ўринлар бўлган тақдирда 1-15 август кунлари ҳужжатларини топшириши мумкин бўлади.

2. Қабул анъанавий шаклда амалга ошириладиган ҳудудларда ота-оналар бевосита 2021 йилнинг 15 июндан 15 июлга қадар доимий яшаш манзили бўйича бириктирилган микроҳудуддаги мактабга фарзандларини 1-синфга жойлаштириш учун ҳужжатларини топширишлари мумкин.

Шунингдек, 16 июлдан 15 августга қадар ота-оналарга ихтиёрий танлов асосида бошқа мактабларга, яъни микроҳудудига кирмаса ҳам бўш ўринлар бўлса, фарзандларини 1-синфга қабул қилиш учун ҳужжатларини топшириш имконияти берилади.

Шу ўринда яна бир бор эслатиб ўтамиз, умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-синфига болалар “Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуннинг 9-моддасига асосан етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади, яъни бу йил 2014 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар туғилган болалардир.

Шунингдек, мазкур қонун талаблари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги, мулкчилик шаклидан қатъий назар, яъни нодавлат, хусусий барча таълим муассасалари учун ҳам мажбурийдир.

Олти ёшдан етти ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлаш Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Умумтаълим мактабларига бириктириладиган микроҳудудлар маҳаллаларнинг жойлашуви ва аҳолининг демографик ўсишини инобатга олган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида белгиланади.

Ҳудудларда янги уй-жойларнинг қурилиши ёки маъмурий ҳудудий чегараларнинг ўзгариши сабабли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим мактабларига бириктирилган микроҳудудлар қайта ўзгартирилиши мумкин.

ЎзА

 

2015-2024 © Хокимият Нурабадского района. Разработан в: SAKTRM